Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 июль кунлари амалий ташриф билан Озарбайжонда бўлади.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг "Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш" мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.
“Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади”, дея маълум қилган президент матбуот хизмати.
Хабарномада ТДТ делегациялари раҳбарлари саммитда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқишлари, тадбир якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши қўшимча қилинган.
Турк давлатлари ташкилоти 2009 йил 3 октябрида Нахчиван келишуви асосида Бокуда “Туркий кенгаш” номи билан тузилган. Даставвал унга 4 та давлат — Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов Анқара билан алоқалари совуқ бўлгани туфайли Туркия бошчилигидаги интеграция ташаббусларига шубҳа билан қараб келган, шу боис расмий Тошкент қарийб ўн йил давомида бу ташкилотга аъзолик масаласига эътиборсиз қараб келган. Ўзбекистон ТДТга Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, 2019 йил 12 сентябрида аъзо бўлган.