Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ўтказиладиган олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиниши режаланган.
Президентлар музокаралар чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишади.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти, Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб оладиган 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.
Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари арафасида Душанбеда қатор кўчалар ёпилгани маълум бўлди. “Азия-Плюс” агентлигининг Душанбе шаҳар ДАИси маълумотига таянган ҳолда тарқатган хабарига кўра, 10 июнь куни эрталабки соат 9:00 дан 12:00 гача Аҳмад Дониш кўчасининг аэропортдан Айний кўчасигача бўлган участкаси ёпиб қўйилади. Рудакий шоҳкўчаси ҳам ҳаракат учун тўлалигича ёпилади. Шунингдек, Варзобга олиб борадиган М34 трассасида ҳам ҳаракат чекланади.