Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги вазият назорат остида экани ва мамлакатнинг мудофаа қудрати воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр эканини айтган.
Кун. уз нашри президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида айтган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
«Афғонистондаги вазият ҳаммамизни ўйга солиши табиий. Хавотир олманглар, мудофаа қудратимиз ҳар қандай вазиятга тайёр, вазиятни назорат қилиб турибмиз. Лекин мени ўйлантиргани — улар бизнинг жонажон қўшнимиз, улар ҳам кўчиб кета олмайди, биз ҳам.
Мана, кечадан бошлаб жафокаш афғон халқига кўмак бўлиш мақсадида Ҳайратон кўпригини вақтинча ишга туширдик. Чунки Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож, агар улар тинчлик сари ҳаракат қилсалар, биз уларга кўмакчи бўламиз.
Бошқа давлатлардан келаётган озиқ-овқатни поездлар орқали етказиб берамиз, ўзимиз ҳам бунга ҳисса қўшамиз. Чунки Мозори Шариф шаҳрига ягона темир йўл биз орқали ўтади", деб айтган Мирзиёев.
У Ўзбекистоннинг Толибон билан яқиндан музокаралари ҳақида гапириб, Толибон раҳбарияти Тошкентдаги музокараларда берган ваъдаларининг устидан чиқаётганини айтган.
"Толиблар билан икки йил олдин мулоқот олиб боргандик, ҳали ҳеч бир давлат бу ишни қилмаганда мен улар билан мулоқот қилиш бўйича топшириқ бергандим. Уларнинг Доҳадаги раҳбари Бародар жаноблари ўшанда Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилиб туришимиз табиий.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Биз учун халқимизнинг тинчлиги керак. Халқимиз тинч бўлиши учун, ким бўлишидан қатъи назар, исталган томон билан гаплашаман. Афғонистонда шундай ҳолат бўлишидан икки йил олдинги таҳлилларимиз далолат берган эди», дея президентдан иқтибос келтирмоқда Кун.уз нашри.
Ўтган ҳафта Ўзбекистон 150 нафар афғонистонлик қочқинларни Толибон билан музокаралар орқали ватанига қайтарганди. БМТ Қочқинлар ташкилоти Ўзбекистоннинг, ҳуқуқ фаолларига кўра, зиддиятли ушбу қарорига муносабат билдирмаган.
Ўзбекистонда БМТ Қочқинлар агентлигининг идораси йўқ, аммо ўтган ой ҳукумат делегацияси Женевадаги Қочқинлар бўйича Олий комиссарлик идораси билан музокаралар олиб борган эди.
Ўзбекистон яна 400 нафар афғонистонлик қочқинни қабул қилганини айтган.
Тошкент Афғонистондаги ғарб коалицияси, жумладан, Германия ва Польшага ўз фуқаролари ҳамда афғон қочқинларини Ўзбекистон ҳудуди орқали эвакуация қилишга кўмак кўрсатган.
Ўзбекистон ўтган ой “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилган эди. Таҳлилчилар Афғонистондаги сўнги вазият Мирзиёевнинг Афғонистон орқали ўтадиган темир йўл ва Ҳинд уммонига чиқадиган транспорт коридори лойиҳалари келажагини савол остида қолдиради.
Толибон Кобулни қўлга киритиши ортидан ўзбек расмийлари Кобулдаги олдинги ҳукумат билан келишилган лойиҳаларни амалга оширишнинг минтақадаги тинчлик ва барқарорлик учун муҳим эканини урғулашди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Афғонистондаги урушларнинг асосий сабабларидан бири қашшоқлик эканини айтди. Ўтмишда расмий Тошкент Афғонистонга беқарорлик манбаи сифатида қараб келган, Мирзиёев ҳукумати келиши ортидан чегаралар очилган ва Афғонистон Ўзбекистоннинг бешинчи йирик савдо ҳамкорига айланган.
Ўзбекистон бошқа кўпгина давлатлардан фарқли Толибон Кобулга кириши ортидан у ердаги дипломатик ваколатхонаси, шунингдек, аввалроқ қулаган Мозори Шарифдаги консуллиги ходимларини эвакуация қилмади.
Толиблар билан музокараларга қарамасдан Ўзбекистон шу ой бошида Россия билан аввалига ўзбек-афғон, кейин эса тожик-афғон чегараларида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказди.
Ўтган ҳафта президент Мирзиёев МДҲнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти раҳбарларининг онлайн саммитида ҳам қатнашди. Бу Тошкентнинг яқин келажакда КҲШТга қайтиши ҳақидаги фаразларни кучайтирди.
Ўзбекистон расмийлари бу борада Россия ҳамда қўшни давлатлар матбуотида пайдо бўлган чиқишларга муносабат билдирганича йўқ.