Мирзиёев: Тошкент ва Бишкек чегара делимитацияси масаласини уч ой ичида ҳал қилмоқчи

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев, Тошкент, 2021 йил 11 марти

Ўзбекистон билан Қирғизистон давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларини уч ой ичида ҳал қилишни режалаяпти. Бу ҳақда, Газета.уз хабарига кўра, 11 март куни президент Садир Жапаров билан бўлган музокаралар якунлари бўйича журналистлар учун ташкил этилган брифингда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилган.

Ўзбекистон президенти музокаралар якуни бўйича икки давлат чегарасини ҳуқуқий расмийлаштириш ишларини тез фурсатларда якунлаш ва ўтиш пунктларини тўлақонли ишлашини таъминлаш бўйича амалий қадамлар белгиланганини билдирган.

“Одамлар [ечимини] кутаётган баъзи масалаларни биз яқин келажакда аниқ ҳал этамиз. Бюрократиясиз, фуқароларимизга қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммамизга олишга қарор қилдик”, деган Ш. Мирзиёев.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги 1378 километрлик чегаранинг 1170 километри ёки 85 фоизи 2017 йилгача аниқланган, яна 10 фоизи бўйича келишилгани хабар қилинган. Бироқ улар ҳукумат ва парламентлар томонидан тасдиқланиб, ратификация қилиниши керак. Ҳозирги сўзлашувлар айни ўша 10 фоиз ва қолган 5 фоиз доирасида бўлмоқда.

Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистоннинг Сўх, Чўнғара-Қалча, Шоҳимардон, Тоштепа деган тўрт эксклави, Ўзбекистон ичида эса Қирғизистоннинг Барак эксклави бор.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев шу йил февраль ойида Боткен вилоятида ўтказилган матбуот анжуманида икки давлат расмийлари чегара яқинидаги айрим ҳудудларда участка алмашиш юзасидан келишувга эришганини билдиргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.