Мирзиёев Тошкентда тўнғич президент Каримов хотирасига бағишланган тадбирда иштирок этди

Ўзбекистоннинг тўнғич президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан лавҳа, Тошкент, 2022 йил 2 сентябри (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Тошкентда Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, тўнғич президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Олий Мажлис, президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқи “манфаати йўлидаги хизматлари ёдга олинган”, Қуръон тиловат қилинган.

Маросимда Мирзиёев “устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш керак”лиги, “бу ёш авлодга ўрнак бўлиши”ни таъкидлаган.

Аввалги президент Ислом Каримов, расмий маълумотларга кўра, 2016 йилнинг 2 сентябрида вафот этган. Ўшандан буён ўтган 6 йил мобайнида Каримов сиёсати амалдаги президент Мирзиёев дохил ўзбекистонлик кўплаб сиёсатчи ва мулозимлар томонидан билвосита ҳамда бевосита танқид қилинган бўлса-да, ҳалигача мамлакатда тўнғич президентни хотирлаб, унга “ҳурмат бажо келтириш” тадбирлари ўтказиб келинмоқда.