Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида сайловчилар билан учрашув чоғида аввал пойтахтда дуч келган қийинчиликларидан баҳс этган.
Жиззах вилоятида туғилганига қарамай, 18 ёшидан бери Тошкентда эканини қайд этган Мирзиёев барча таълим-тарбияни пойтахтликлардан олганини урғулаган.
“Ижараларда яшаганман, қийинчиликларни кўрганман. Мен бежиз уй-жой масаласига жиддий қарамайман. Ўзим бу муаммоларни ҳис қилганман. 18 йил прописка муаммоси билан яшаганман. Мана, муаммо ечимини қилса бўлар экан-ку!” дея иқтибос келтирган ЎзЛиДеП матбуот хизмати Ш. Мирзиёев сўзларидан. Айни пайтда у "прописка" муаммоси қандай ҳал қилинганига аниқлик киритган эмас.
Тошкентлик сайловчилар билан учрашувда “Нима учун Учинчи ренессансни шиор қилдик?” дея савол ташлаган Мирзиёев бу саволни жавобсиз қолдириб, гапни қатағон масаласига бурган.
“100 минглаб илмли одамларимиз қатағон қилинмаганида эди, бугун биз Тўртинчи ренессанс ҳақида гапираётган бўлардик. Чунки улар буюк ўзбек миллатининг фарзандлари жуда кучлилигини билишган. Бу - менинг армонларим! Ўзликни англаш бўйича кўп ишлар қилдик, лекин бу биринчи қадамларимиз”, деган Ш. Мирзиёев.
Ўз сўзи давомида Шавкат Мирзиёев Афғонистон муаммосига ҳам тўхталган.
"Энг катта муаммо – Афғонистон шу қишни эсон-омон, очарчиликка дуч келмай, урушларсиз ўтказиб олиши. Ўйлайманки, ҳукумат тепасига келган янги кучлар ҳам ўз халқини ўйлайди", деган у.
Ш. Мирзиёев ғалаба қозониши кутилаётган президент сайлови Ўзбекистонда шу йилнинг 24 октябрига белгиланган.