Мирзиёев Тошкентнинг дренаж тизимидан норози

Шиддатли жала ортидан сувга тўлган Тошкент кўчаларидан бири (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳри дренаж тизимини танқид қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев яқинда ёққан кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатганини қайд этаркан, пойтахт дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирган.

Дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини йўлга қўйиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш тавсия этилган.

Қайд этилишича, пойтахтдаги туман ҳокимларига жойларга чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни “тепасида туриб ҳал қилиш” юкланган.

Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Тошкентликлар бир неча йилдан буён кучли ёмғирдан кейин йўлларни сув босиши муаммосига дуч келади.

Шаҳар ва мамлакат раҳбарияти сув тошқинларининг асосий сабаби 1960-йилларда барпо этилган ирригация ва дренаж тизимининг эскиргани билан боғлиқ эканини бир неча бор таъкидлаган.

Пойтахт йўл инфратузилмаси ва дренаж тизимини модернизация қилиш учун катта маблағ зарурлиги айтилади.