Ўзбекистонда туман ҳокимлари бундан буён ўз ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухоро шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида билдирган.
“Шу ўринда ҳокимларни қатъий огоҳлантираман. Нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Бу ишлар фақат ва фақат такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали таъминланиши шарт”, дея иқтибос келтирган Шавкат Мирзиёев сўзларидан президент матбуот хизмати.
Йиғилишда президент такрорий экин экиш ишлари тўғри ташкил этилмагани боис айрим ҳудудларда сабзи нархи 52 фоизгача ошгани, помидор 2 баробар қимматлагани, бодринг нархи 1,7 баробаргача ўсганини қайд этганю
Мирзиёев ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётганини танқид қилган. Унга кўра, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди.
Президент Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилганига тўхталиб ўтган.
Мирзиёев ўз ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, аҳолига қулай яшаш ва тоза ҳаво муҳитини яратиш эндиликда ҳокимларнинг энг асосий вазифаларидан бири бўлишини ҳам таъкидлаган.