Мирзиёев Туркия мудофаа вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер билан, Тошкент, 2024 йил 26 июни (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Тошкентда бўлиб турган Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, жумладан, яқин идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирлар ташкил этиш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа масалалар муҳокама қилинган.

“Хавфсизлик соҳасида, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган хабарномада.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Туркия делегацияси вакиллари билан Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳам муҳокама қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати қайдича, Тошкентга келган турк ҳарбий делегациясига мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги ўзбек ҳарбийлари мезбонлик қилмоқда.