Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерлиқая ва Миллий разведка хизмати (MİT) директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида меҳмон вазирлар Мирзиёевга Туркия президенти Эрдўғоннинг самимий саломини етказишган.
Қабул чоғида Ўзбекистон ва Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Хабарномада Мирзиёев ҳузуридаги учрашувда 12 сентябрь куни икки давлат вазирлари ва идоралари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган қўшма учрашувнинг натижалари юқори баҳолангани, қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ мунтазам ва тизимли алоқаларни давом эттириш, бундай музокаралар формати ва кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги таъкидлангани қайд этилган.
“Сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама этилди. Хавфсизликка замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарномасида учрашув чоғида минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилгани қўшимча қилинган.
Аввалроқ Туркиянинг “Онадўли” агентлиги Ҳақан Фидан, Али Ерлиқая ва Иброҳим Қалин ўзбекистонлик ҳамкасблари билан пайшанба куни Тошкентда ўтказилган учрашувда террорчилик, экстремизм, ноқонуний миграция ва контрабанда каби муаммолар билан бир қаторда минтақавий масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилган.
Икки давлат вазирлари ўртасида қабул қилинган “йўл харитаси” сиёсий ҳамкорлик ва парламент дипломатияси, савдо-сотиқ, иқтисодиёт ва инвестициялар, мудофаа, хавфсизлик ва ички ишлар соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича конкрет қадамларни ўз ичига олиши қайд этилган.