Ўзбекистонда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва бунга пул тиккан фуқаролар ўртасида низолар кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни бўлиб ўтган қурилиш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилган.
Мирзиёев ноинсоф қурувчиларга алданиб, одамлар ҳам уйсиз, ҳам пулсиз қолаётганини танқид қилган.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун эса уй-жой сотиб олишнинг янги механизми – эскроу ҳисобини жорий этиш таклиф этилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Янги тартибга кўра, девелоперлар қурилаётган уй сотувини ташкил қилиш бўйича банклар билан шартнома тузади. Уй олишга талабгорлар пулни қурувчига эмас, тўғридан-тўғри банкка топширади. Банклар эса йиғилган пулни қурувчига ресурс сифатида беради.
Шу тариқа банклар уй-жой ўз вақтида, сифатли қурилиши ва эгасига топширилишида кафил бўлиши мақсад қилинган.
Эскроу тизими Самарқанд шаҳри, Тошкентнинг Янгиҳаёт ва Сергели туманларида бир йил давомида тажрибадан ўтказилиши белгиланган.
Ўзбекистонда уй-жой қуриш кескин кўпайган шароитда қурувчи ва истеъмолчилар ўртасида низолар ҳам ортган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда девелоперлар фириби қурбони бўлган ватандошларнинг шикоятларини бот-бот кўриш мумкин.