Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 22 декабрь куни олий даражадаги учрашув якунида Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномага қўл қўйишган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, анжуман чоғида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган яна 15 та ҳужжат қабул қилинган.
Улар орасида “Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги, Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, 2000 йил 7 июлидаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги баённома каби ҳужжатлар бор.
Шу билан бирга, тадбир пайтида стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харита”лари, энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистикада лойиҳалар амалга ошириш бўйича битимлар қабул қилинган.
Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифининг иккинчи кунида икки мамлакат президентлари аввал тор доирада музокара ўтказишган, кейин эса музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттиришган. Саммитдан олдин эса Тоқаев мезбон президент Мирзиёев ҳамроҳлигида Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилгани билдирилган.
Тоқаевнинг Тошкентга ташрифи доирасида, расмий маълумотларга кўра, жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланган.