Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пекин шаҳрига жўнаб кетди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев мазкур тадбирга ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан таклиф қилинган.
Яна бир хабарномада Ўзбекистон президентини Пекиндаги “Шоуду” халқаро аэропортида хитойлик расмийлар кутиб олгани айтилган, бироқ уларнинг ким экани, қайси мансабни эгаллашига аниқлик киритилган эмас.
Мирзиёев ҳам иштирок этиши айтилаётган олимпиаданинг очилиш маросими 4 февраль оқшомида Пекиндаги “Қуш уяси” миллий стадионида бошланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон президентининг Хитойга ташрифи чоғида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам режаланган.
Пекиндаги Қишки Олимпия ўйинларининг 20 февралгача давом этиши очиқланган. АҚШ ўтган йилнинг декабрь ойида мазкур ўйинларга нисбатан “дипломатик бойкот” эълон қилган. Бунга Хитой расмийлари томонидан Шинжондаги уйғур ва бошқа мусулмон миллатлар вакилларининг таъқиб қилаётгани, камида 1 миллион мусулмонни қамоқда сақлаётгани сабаб ўлароқ кўрсатилган.
Вашингтон бойкоти кейинроқ Канада, Австралия, Британия каби давлатлар томонидан дастаклаб чиқилган.