Мирзиёев виждон эркинлиги ва диний ташкилотларга оид қонунни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 июль куни янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан шу йил 4 майида, Сенат томонидан эса 26 июнда қабул қилинган ҳужжат матни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган.

Янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистонда фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди, айни пайтда ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.

Қайд этилишича, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташланди. Бу мавзу кўп йиллардан бери Ўзбекистонда турли мунозараларга сабаб бўлиб келаётганди.

Қонун билан маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланган. Диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинган.

Айни пайтда ҳужжат билан диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғини розилигини олиш тартиби бекор қилинган.