Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган депутатлар сайлови натижасида ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган янги вакиллик органлари тизими ҳам шаклланди. Бу мулоҳаза 1 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, йиғилишда Мирзиёев Ўзбекистон халқига “сайловларда юксак сиёсий маданият ва фаоллик кўрсатиб, фуқаролик бурчини масъулият билан адо этгани учун самимий миннатдорлик” билдирган ҳамда депутатликка сайланганларни табриклаган.
“Биз барча бўғиндаги депутатларимиз тимсолида зиммасидаги масъулиятни чуқур англайдиган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида ўзини аямасдан тинимсиз ҳаракат қиладиган, бор билим ва тажрибасини Ватан равнақи учун сафарбар этадиган фидойи инсонларни тасаввур қиламиз”, деган Ўзбекистон президенти.
Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон халқи депутатларнинг янги ғоя ва ташаббусига “катта умид ва ишонч билан қарамоқда”.
“Эл-юртимиз янги парламент ва маҳаллий кенгашлар аъзоларидан кўп нарсани кутмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти аввалроқ парламент сайловида "кучли рақобат" бўлишини башорат қилган бўлса-да, якшанба куни бўлиб ўтган сайловда сўнгги 15 йил давомида кўрилгани каби бир хил ҳукуматпараст сиёсий фракциялар қатнашди, ҳатто рўйхатга олиниши ҳам мунтазам равишда рад этиб келинаётган мухолифатчи сиёсий партиялар эса сайловда иштирок эта олгани йўқ.
Таҳлилчилар “чўнтак партиялар кураши” деб таъриф берган парламент сайлови натижаларига кўра, МСК қайдича, ЎзЛиДеП 64 та, “Миллий тикланиш” 29 та, “Адолат” 21 та, ХДП 20 та, Экопартия эса 16 та депутатлик ўрнига эга бўлган.