Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июль куни амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турган Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбони қабул қилган.
Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, учрашувда Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, қабул чоғида жаноб Унгбо Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқларини таъминлаш, иш ўринларини яратиш ва халқаро конвенцияларни имплементация қилиш борасидаги ютуқларига юқори баҳо берган.
Хабарномада сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, халқаро ташкилот кўмагида мамлакатда меҳнат соҳасида 40 дан ортиқ норматив ҳужжат қабул қилиниб, 22 та халқаро конвенция ратификациялангани урғуланган.
Мирзиёев билан Унгбо учрашувида Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга алоқадор муаммолар кўтарилиб-кўтарилмагани маълум эмас. Айни пайтда президент матбуот хизмати 9 июлдаги қабул чоғида ижтимоий адолат тамойилларини илгари суриш бўйича, шу жумладан, “Ижтимоий адолат глобал коалицияси” доирасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганига эътибор қаратган.
Хабарномада учрашув якунида 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга келишиб олингани ҳам қўшимча қилинган.