Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлаган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда "кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган".
Мирзиёев уч кунлик давлат ташрифи билан Хитой Халқ Республикасида бўлиши ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Ўзбекистон президентининг ХХР Давлат кенгаши бош вазири билан учрашувида, расмий маълумотга кўра, инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Мирзиёев Ли Цянни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.
Шунингдек, 24 январь куни Шавкат Мирзиёев Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашган. Учрашувда Ўзбекистон техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланган, парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Ўзбекистон президентининг ХХРга сафари 25 январь куни ниҳоясига етади.