Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни давлат ташрифи билан Хитойга жўнаб кетди.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ташриф ХХР раиси Си Цзиньпин таклифига биноан амалга оширилмоқда. Хабарномада ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилгани урғуланган.
ХХРга 3 кунлик сафар чоғида Мирзиёев Хитойнинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашиши режаланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Хитой ҳудудларидан бирига ташриф буюриб, ушбу мамлакат етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ўтказиши қайд этилган.
Хитойга ташриф арафасида Ўзбекистон ТИВ Тайван масаласида Пекин позициясини қўллаб-қувватлаши тўғрисида баёнот тарқатган эди.
Тайванда 13 январь куни бўлиб ўтган президент сайловида Хитойдан мустақил бўлиш ва АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори бўлган амалдаги вице-президент Лай Циндэ ғолиб бўлганди.
Шундан сўнг Хитой раҳбари Си Цзиньпин халққа қилган телемурожаатида Тайваннинг Хитой билан бирлашуви “тарихий зарурат” эканини таъкидлаган.
Сининг бу баёноти ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, Тошкент “Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.