Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ван Сяохун раҳбарлик қилаётган Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги бошқа мамлакатлардаги Ички ишлар вазирлиги вазифаларини бажариш билан бир қаторда давлат тузумини, давлатнинг олий раҳбарларини, давлатга қарашли муҳим объектларни муҳофаза қилиш ва бошқа специфик ишлар билан ҳам машғулдир. Бошқача айтганда, Ўзбекистондаги Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия каби ташкилотларнинг кўплаб функциялари ҳам Хитойда Жамоат хавфсизлиги вазирлиги зиммасига юклатилган. Бундан ташқари, мазкур вазирлик ХХР ҳудудида экстремизм ва айирмачиликка қарши аксилтеррор кураши учун ҳам жавобгар, яъни масалан, Шинжондаги мусулмон озчилик вакилларини таъқиб қилиш билан ҳам бевосита шу вазирлик шуғулланади.
Ван Сяохун ХХР Давлат кенгаши аъзоси бўлиб ҳисобланади. Хабарномада келтирилишича, президент Мирзиёев Сяохун бошчилигидаги Хитой делегацияси билан учрашувда “хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари”ни кўриб чиққан.
“Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилди”, дейилган президент матбуот хизмати тарқатган пресс-релизда.
Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон президенти Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани ҳақида хабар қилинган эди.