Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилган, бунда биринчи галда савдо-иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратилган.
Хабарномада келтирилишича, учрашувда кейинги йилларда, шу жумладан ЕИнинг «GSP+» преференциялар тизими доирасида ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва инвестиция лойиҳалари сони ошиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Шунингдек, кун тартибидаги халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларини, хусусан Европа Иттифоқига аъзо давлатларни Украинага қарши босқинчилик урушини юритаётган Россияга қарши киритилган санкцияларга нақадар риоя этилаётгани ҳамда чекловларни айланиб ўтишда Москванинг учинчи мамлакатлар имкониятларидан қанчалик фойдаланаётгани кўп қизиқтира бошлаган. Россияга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бериши мумкин бўлган мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бор.
Аввалроқ Озодлик билан суҳбатлашган экспертлар Ўзбекистон россияликларга санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бериш билан ўзи ҳам санкция режимини бузувчи давлатга айланиш хавфи остида қолаётганини урғулашган эди.