Мирзиёев ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Боррелни қабул қилди

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррель

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан учрашув ўтказган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида пандемиядан кейинги даврда жадал иқтисодий тикланиш ва минтақалараро ўзаро боғлиқликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Ш. Мирзиёев 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги вазирлар учрашувида шахсан иштирок этгани учун Европа дипломатияси раҳбарига миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини олқишлаган Жозеп Боррель эса ЕИ бундан буён ҳам минтақа давлатлари билан сиёсат, савдо, инвестиция, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканини урғулаган. Учрашувда Афғонистондаги вазият ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Хабарномада қайд этилишича, Самарқанддаги конференция якунлари бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тез фурсатда имзолашга келишиб олинган.