Мирзиёев ўзи “Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги” деб ҳисоблаган ёшларга қатор ваъдалар берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар форумида, Тошкент, 2020 йил 25 декабри

Ўзбекистонда бундан буён вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлар ва масъул раҳбарлар ёшлар билан учрашувларни мунтазам равишда йўлга қўяди. Ҳокимлар ёшларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, ижросини таъминлайди. Шу масала бўйича ҳар 6 ойда маҳаллий кенгашларга ҳисобот беради ва келгуси ярим йиллик учун режаларни белгилаб олади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 25 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Ёшлар форумига ташрифи чоғида билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бундан буён “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади. “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорлар томонидан фаол қўллаб-қувватланган. 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин бўлган бу ҳаракат Ш. Мирзиёев томонидан маъқулланган.

Президент форум иштирокчилари қаршисида эркин иқтисодий зоналар бўйича мавжуд тажриба асосида ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилишини эълон қилган. Бу саноат зоналарида ўсиб келаётган авлод вакилларининг бизнес лойиҳалари жойлаштирилади.

Ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштиради. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади”, деган Ш. Мирзиёев.

Форумда президент томонидан шу борада мутасаддиларга кўрсатмалар берилган. Шавкат Мирзиёев ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қиладиган “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси яратилишини ҳам қўшимча қилган.

Президент қайдича, яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар аксарият ўзбекистонлик ёшларда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатган.

Демак, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ишларни янада кучайтириш лозим”, деган Шавкат Мирзиёев шуларни инобатга олган ҳолда, касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилиши, бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилишини урғулаган.

Ушбу мақсадлар учун, Мирзиёевга кўра, 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилади, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилади.