Мирзиёевни ҳақоратлашда айбланган йигит 5 йилга қамалди — ОАВ

Иллюстратив сурат

Наманганда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон президентига қарши ҳақоратли изоҳлар ёзган 28 ёшли йигит судланди, дея хабар қилди Uznews нашри.

Нашр қайдича, Д.Турсунов исмли наманганлик шахс Facebook тармоғида очилган профилига 2023 йил 8 май куни “Ўзбекистон Президенти Москвада Ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади” номли мақоладан кўчириб олинган экран тасвирини жойлаштириб, ушбу постда Ўзбекистон президентини ҳақоратлаган ва унга туҳмат қилган.

Бундан ташқари, у Facebook орқали турли постларга давлатга қарши изоҳлар қолдирган”, деб ёзган Uznews маълумот олинган манбани келтирган эмас.

Нашрга кўра, судланувчи 2016 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистондан Озарбайжонга бориб, 2016 йил 30 сентябрь куни у ердан фуқаролик паспортига дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун махсус рухсат стикери расмийлаштирилмаган бўлса-да, белгиланган тартибни бузиб, Эронга кириб, қонунга хилоф равишда чет элга чиққан.

Суд ҳукми билан судланувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) ва 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоли таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айбловлари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига тортилган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Ҳақоратланган” президент: Термизлик тармоқ фойдаланувчиси 5 йилга қамалди

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти январь ойида эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган эди.