Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров 2 ноябрь куни Тошкентдаги Hilton меҳмонхонасида МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари Олимпия қўмиталари иштирокида минтақавий форумда иштирок этган. Бу ҳақда хабар қилган Qalampir.uz нашри О. Умаров мазкур анжуманда 30 дақиқача иштирок этганини қайд этган.
Айтилишича, Тошкентдаги форумда 13 та давлатнинг МОҚ раҳбарлари қишки Олимпиадага тайёргарлик, допингга қарши кураш ва спорт тизимидаги бир қатор масалалар борасида ўзаро музокара ўтказишган.
Отабек Умаров шу йил февралида Тошкентда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси чоғида жароҳатлангани, у муолажа учун аввал Москвага, кейин эса Жанубий Кореяга олиб кетилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.
О. Умаров 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида Ш. Мирзиёев оила аъзолари билан бирга овоз бериш жараёнида иштирок этиб, жамоатчиликка кўриниш берган, бироқ унинг мулозим ўлароқ бирор оммавий тадбирда иштирок этгани шу кунгача кузатилган эмасди. Автоҳалокат олдидан Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати (ПДХХ) раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаб келган Отабек Умаровнинг ҳалигача мазкур лавозимда ишлаётгани ёки ишламаётгани ҳам расман очиқланган эмас.