Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг 23 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев ишдан олиниб, унинг ўрнига Ғофир Жамолов тайинланган.
Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, 46 ёшли янги ҳоким 1997 йили Наманган саноат-технология институтини, 2006 йилда эса Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Ғ. Жамолов 1997-2009 йиллар давомида Наманган шаҳри ва Наманган вилояти ҳокимликларида турли масъул лавозимларда ишлаб, 2009 йилдан 2020 йилгача Иқтисодиёт вазирлиги бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, Уй-жой, коммунал хизмат вазирининг ўринбосари ўлароқ фаолият юритган. 2020 йилдан шу кунга қадар эса у Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаётган эди.
Душанба куни бўлиб ўтган сессияда депутатларга Наманган шаҳрининг янги прокурори ҳам таништирилган. Қайд этилишича, лавозимидан озод қилинган Баҳромжон Йўлдошев ўрнини 39 ёшли Хуршид Одилов эгаллаган.
2004 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган Х. Одилов 2004-2018 йилларда Пахтаобод ва Асака туманлари прокуратураси, Андижон вилоят прокуратурасида фаолият юритган, Улуғнор тумани прокурори бўлган. 2018 йилдан шу кунга қадар эса у Наманган вилоятининг Чуст тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта президент Ш. Мирзиёев Наманганга сафари чоғида шаҳардаги “Бунёдкор” маҳалласига ташриф буюриб, ўша ердаги ҳолатни танқид қилганди. Танқид ортидан Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур маҳаллага кўчиб боришини айтган.
Вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов иштирокида 23 февраль куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Уйчи туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида шу пайтгача Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Муҳаммадзокир Маматхонов туман ҳокими этиб тайинланган.
Аввалги ҳоким Муҳаммадаюбхўжа Апақов ҳам президент Мирзиёевнинг Наманган вилоятига сафари чоғида ишдан олинганди.
Бу орада 23 февраль куни Наманганда ўтказилган фаоллар йиғилишида шу кунга қадар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаб келган Шуҳрат Мусаев вилоят ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.