Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 10-11 июнь кунларига мўлжалланган Тожикистонга ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг муҳим соҳаларини қамраб олган 30 дан зиёд ҳужжатлар имзоланиши режаланган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, Мирзиёевнинг қўшни давлатга ташрифи дастурида Душанбе шаҳрида икки томонлама тадбирлар – расмий кутиб олиш маросими, тор доирадаги ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралар, ижтимоий объектлар очилиши ва икки томонлама ҳужжатлар имзоланишига бағишланган онлайн маросимлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Душанбеда икки давлат президентлари халқаро сиёсат ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашадилар, сўнгра қўшма маданий тадбирларда иштирок этадилар. Кейин эса давлат раҳбарлари Сўғд вилоятида жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказиб, қатор саноат объектлари билан танишадилар.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми аввалги йили 500 миллион доллардан ошган, 200 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилган. Эндиликда икки давлат расмийлари савдо айланмасини яқин йиллар ичида 1 миллиард долларга етказишни мўлжалламоқда.
Президент Мирзиёев Тожикистонга 2018 йил мартида давлат ташрифи билан борган, ўша йил сентябрида Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган, сўнгра эса 2019 йил июнида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши саммитида қатнашган эди.