Янги ўқув йилидан Мўғулистоннинг кўплаб мактабларида инглиз тили асосий хорижий тилга айланади. Бу ҳақда таълим вазири Пурэвсурэнгийн Наранбаяр маълум қилди. Авваллари мактабларнинг аксариятида рус тили ўқитилар эди.
Мўғулистон таълим вазирига кўра, инглиз тили асосий хорижий тил ўлароқ ўқитиш учинчи синфдан бошланади. Янги ўқув йилида Pearson English дастури онлайн ва кундузги таълим шаклида 100 та мактабда синов тариқасида ишга туширилади.
Мўғулистон чет тили ўлароқ инглиз тили ўқитувчиларини хориждаги мактабларда – энг аввало, Филиппиндаги магистратурада ўқитишни режаламоқда. Шунингдек, АҚШ кўмагида Улан-Баторда инглиз тили маркази очилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Улан-Баторга ташрифи чоғида ваъда қилган.
Мўғулистон мактабларига рус тили асосий хорижий тил ўлароқ СССР даврида киритилган. У аксарият мактабларда ўқитилиши мумкин бўлган ягона хорижий тил бўлган.
Мўғулистон мактабларида инглиз тилини асосий хорижий тилга айлантиришга оид қонунни мамлакат парламенти 2023 йилда қабул қилган эди.