Мўғулистоннинг собиқ президенти Цахиагийн Элбэгдорж Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали Россия президенти Владимир Путиннинг америкалик телебошловчи Такер Карлсонга берган интервьюсига муносабат билдирди. У Россия ҳудудлари Мўғул империяси таркибига киритилгани акс этмиш бир неча харитани ёйинлади.
“Путиннинг интервьюсидан кейин мен Мўғулистоннинг тарихий харитасини топдим. Ташвиш қилманг. Биз тинчликсевар ва ҳур миллатмиз”, дейилган Элбэгдорж постида.
Мўғулистоннинг собиқ президенти бу ерда Россия пропагандасининг Украинага бостириб кирилишини оқловчи асосий тезисларидан бири устидан киноя қилмоқда. Кремль ўз ҳарбий тажовузига асосий далиллардан бири ўлароқ Украина ҳудудининг катта қисми бир пайтлар Россия империяси таркибига кирганини келтиради. Бу мулоҳаза Путиннинг Карлсонга берган ва 9 февраль куни ёйинланган интервьюсида ҳам такрорланган.
Замонавий Россия ҳудудларининг катта қисми XIII–XVII асрларда Мўғул империяси ёки унинг вориси бўлган мўғул-татар давлатлари ҳудудида жойлашган ёхуд уларга вассалликни қабул қилган. Айни пайтда Элбэгдорж тақдим этган хариталарда аниқ чегараларни акс эттирган эмас.
Мўғулистон Москва билан тиғиз иқтисодий ва сиёсий алоқаларга эга, мамлакатдаги мактабларда рус тили ўқитилади. Мўғулистон Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича расман бетараф позицияни эгаллаган. Бироқ 2022 йили Элбэгдорж Путинни босқинни тўхтатишга чақирган. У 2009 йилдан 2017 йилгача Мўғулистон президенти лавозимини эгаллаб турган.