Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган 21 сентябрдан бери Қозоғистонга 200 мингдан зиёд россиялик кириб келди, дея маълум қилди Қозоғистон ички ишлар вазири Марат Ахметжанов.
Вазирга кўра, улардан 147 минг нафари мамлакатдан чиқиб кетган. Ахметжанов ўтган вақт оралиғида Қозоғистондан Россияга етти фуқаро депортация қилингани, улардан уч нафари чегарадан ноқонуний ўтгани, тўрт нафари эса Уральск шаҳрида майда безорилик содир этгани учун бадарға қилинганини билдирди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев россияликлар оқими кучайгани манзарасида Москва расмийлари билан музокаралар ўтказмоқчи эканини қайд этган. Шунингдек, ички ишлар вазири, мобилизациядан қочиб, Қозоғистонга келаётган россияликлар халқаро қидирувга берилмаган тақдирда, ўз мамлакатларига мажбуран қайтарилмаслигини билдирган.
Бу орада Ўзбекистон расмийлари ҳам мамлакатга россияликлар оқими кучайганини тасдиқлашган, бироқ бунга оид бирор рақам очиқлаган эмаслар.