Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 30 сентябрда мобилизациядан қочиб келаётган россияликлар масаласида муносабат билдирди.
“Уларнинг мамлакатимизда бўлиши масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз. Шу билан биргаликда ҳуқуқбузарликлар содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди” дейилади вазирлик баёнотида.
ТИВ баёнотида Украинанинг бўлгинчи ҳудудларидаги “референдум”лар бўйича муносабат билдирилмаган. Бироқ Ўзбекистон томони мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдори экани қайд этилган.
Президент Путин 21 сентябрь куни Россияда қисман сафарбарлик эълон қилгани ортидан минглаб россияликлар урушга боришдан қочиб бошқа давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга бошпана излаб келди.
Украина уруши ортидан Ўзбекистонга россияликларнинг биринчи оқими шу йил мартига тўғри келган эди. Камида 2 минг россиялик, асосан IT-мутахассислар Тошкентда иш ва бошпана қидириши турар-жой ижара нархларига сезиларли таъсир кўрсатгани айтилган.
Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияда эканини таъкидлаб келади.