ГДРнинг сўнгги коммунистик бош вазири вафот этди

Ханс Модров 95 ёшда эди.

Берлинда коммунистлар бошқарувида бўлган Германия демократик республикасининг сўнгги бош вазири Ханс Модров вафот этди. У ҳукуматни бошқарган пайтда мамлакатда бошланган демократик ислоҳотлар 1990 йилда икки Германиянинг бирлашувига сабаб бўлди.

95 ёшли Модровнинг вафот этгани ҳақида ГДРнинг ҳукумрон Германия социалистик бирлашган партияси вориси ҳисобланадиган Сўлчилар партияси маълум қилди.

17 ёшли Модров Иккинчи жаҳон уруши пайтида – 1945 йилда асир олинган ва 4 йил СССР қамоқларида сақланган эди. Кейин у СССРда комсомол мактабида ўқиди. У узоқ йиллар Германия социалистик бирлашган партиясида турли лавозимларда ишлади.

1989 йилнинг 13 ноябрида, яъни Берлин девори қулаганидан 4 кун ўтгач у ҳукумат раиси лавозимига тайинланди. Бу пайтда ГДРда кенг қамровли ҳокимият инқирози юзага келган ва кўплаб оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетганди.

Модров ҳукумат раҳбари сифатида қатор демократик ислоҳотларни ўтказди. Жумладан, ҳукумат таркибига мухолифат вакилларини киритди. У яқин келажакда ГДРнинг ГФРга қўшилишига қаршилардан бири бўлган. 1990 йилнинг мартида у эркин сайловлар ўтказилишини эълон қилишга мажбур бўлди. Шундан сўнг ҳокимиятга ГФРга тезроқ қўшилиш тарафдорлари келди ҳамда 12 апрел куни Модров ўрнини Лотар де Мезьер эгаллади. 1990 йилнинг октябрида Германия бирлашди.

Модров Германия бирлашгач Бундестаг депутати, кейинроқ Европарламент депутати бўлди.

Аввалроқ СССР даврида ҳукумат раҳбарлари бўлган яна икки сиёсатчи вафот этган эди. Улар социалистик Чехословакиянинг собиқ бош вазири Любомир Штроугал ва Россия социалистик федератив республикаси собиқ ҳукумат раиси Иван Силаев.