Молдовада ўтказилган президент сайловида бюллетенларнинг 87 фоиздан кўпроғи қайта ишланганидан кейин амалдаги давлат раҳбари Майя Санду пешқадамлик қилмоқда. Унинг номзоди учун сайловчиларнинг 37 фоиздан кўпроғи овоз берган. Иккинчи ўринда Александр Стояногло боряпти, унинг номзодини сайловчиларнинг 29 фоизи ёқлаган. Учинчи ўринни эса қарийб 14 фоиз овоз билан Ренато Усатий эгаллаб турибди.
Мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириши тўғрисидаги референдумда бюллетенларнинг қарийд 88 фоизи қайта ишланган. ЕИга кириш истагини сайловчиларнинг 46 фоизи билдирган, қарийб 54 фоиз сайловчи эса қарши овоз берган.
Сайлов ва референдумда бир ярим миллиондан зиёд фуқаро овоз берган, давомат 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилган.
Президентлик лавозимига Майя Санду дохил 11 нафар сиёсатчи даъвогарлик қилган. У Молдованинг ғарб йўли билан ривожланиши тарафдори бўлиб, мамлакатнинг Европа Иттифоқига киришини дастакламоқда.
Кузатувчилар президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилиши мумкинлигини истисно қилмаяптилар. Унда Санду ва мухолифатдаги Социалистлар партияси номзоди бўлган Стояногло иштирок этиши эҳтимоли катта. Мазкур партия лидери, собиқ президент Игорь Додон сайловга номзодини қўймаган, бироқ ўз сафдошларини Стояногло учун овоз беришга чақирган. Айни пайтда социалистлар бошқа ҳеч бир партияни ўз номзодини дастаклашга кўндира олишмаган.
Додон каби собиқ бош прокурор Стояногло устидан ҳам бир неча жиноят иши очилган. Собиқ президент коррупция ва давлатга хиёнатда, собиқ бош прокурор эса коррупция ва ваколатлар суиистеъмолида айбланмоқда. Уларнинг ҳар иккиси ўзларига қарши ишлар сиёсий сабабларга кўра ва президент Сандунинг шахсий кўрсатмаси асосида очилганини иддао қилишмоқда. Санду бу иддаони рад этиб келади.
Молдова расмийлари ҳамда АҚШ дохил қатор ғарб мамлакатлари вакиллари сайлов олдидан Россия сайлов кампаниясига аралашгани ҳамда бунга ватанида сиртдан судланган ва ҳозирда хорижда яшаётган тадбиркор Илан Шор алоқадор эканини билдиришган.
Promo-LEX миссияси кузатувчилари овоз бериш жараёнидаги қонунбузарликларга оид мингдан зиёд маълумот тўплаган. Уларнинг 200 дан зиёди тасдиқлаган. Уларнинг кўпи овоз бериш яширинлигининг бузилишига алоқадордир.