Молдовадаги президент сайловининг иккинчи босқичида Майя Санду ғалаба қозонган. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумот тарқатди.
Баённомаларнинг 98,9 фоизи қайта ишланганидан кейин Санду сайловчиларнинг 55 фоизи овозини олгани маълум бўлган. Унинг рақиби Александр Стояногло 45 фоиз овоз тўплаган. Бу Санду учун иккинчи президентлик муддати бўлади.
“Молдова, бугун сен ғалаба қилдинг. Биз биргаликда бирдамлигимиз ва демократия кучини ҳамда муносиб келажакка содиқлигимизни кўрсатдик”, деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Санду Молдовадаги ва хориждаги юртдошларига миннатдорлик билдирар экан.
Санду асосан хориждаги сайлов участкалари ҳисобидан ғалаба қозонган: чет элдаги диаспора унга ёппасига овоз берган. Мамлакат ичида 51,2 фоиз овоз билан Стояногло ғолиб бўлган. Берилган овозларни санаш бошланганидан кейин у ҳаммани “рақамлар қандай бўлишидан қатъи назар, хотиржамликни сақлаш”га чақирган ва Молдовада “шу тобдан бошлаб сингдирилган нафрат ва бўлинишга нуқта қўйилиши”га умид билдирган.
Санду мамлакатнинг ғарбча йўл билан илгарилаши ва Европа Иттифоқига қўшилиши тарафдори. Стояногло эса мухолифатдаги россияпараст Социалистлар партиясидан номзод ўлароқ кўрсатилган. Сайловда давомат 54,3 фоизни ташкил қилган.
Молдова расмийлари овоз бериш (3 ноябрь) куни яна Москвани сайловга аралашганликда айблаб чиқишган. Кремль бу каби айбловларни аввал бир неча бор рад этган. Promo-LEX ҳуқуқбонлик миссияси кузатувчилари, Озодликнинг молдаван хизмати хабарига кўра, овоз бериш куни қонунбузарликларга оид 220 дан зиёд хабарни қайд этишганини маълум қилишган. Ўша пайтда полиция 190 дан ортиқ қонунбузарлик ҳақида билдирган.
Жорий йилнинг 20 октябрида бўлиб ўтган сайловнинг биринчи босқичида Санду 42,5 фоиз, Стояногло эса қарийб 26 фоиз овоз олган эди. Айни пайтда сайлов олдидан ўтказилган сўровларда Стояноглони сайловчиларнинг тақрибан 11 фоизи дастаклаётгани қайд этилган – сўралганларнинг катта қисми эса (41 фоизгача) кимга овоз беришга ҳали қарор қилмаганини айтган.