Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси KINGSMAN UZBEKISTAN дўконида сотилаётган кийим-кечакларни маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида реклама қилган “Boutique” МЧЖни жаримага тортди.
Жорий йилнинг 2 июлида вазир Назарбеков маҳаллий кийим брендининг реклама ролигида иштирок этгани акс этган видео тарқалган эди. Видео тарқалиши ортидан Рақобат қўмитаси ҳолат назоратга олингани, бу борада ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Орадан қарийб уч ҳафта ўтиб, қўмита ҳолат юзасидан махсус комиссия томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилгани, ўрганиш натижаси бўйича комиссия KINGSMAN UZBEKISTAN бренди остида фаолият кўрсатувчи “Boutique” МЧЖ “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасини, яъни рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш бўйича тақиқ талабларини бузган, деб топганини очиқлади.
Пировардида, Рақобат қўмитаси қайдича, “Boutique” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган ҳамда унга қонунбузарлик ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилган.
Айни пайтда қўмита маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштирокини реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи сифатида иштирок этганлиги аломатлари аниқланмаганини урғулаган.
“О. Назарбеков томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмаганлиги «Реклама тўғрисидаги» Қонунига асосан рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди”, дейилган Рақобат қўмитаси хулосасида.