Ўзбекистонда давлат қарзи биринчи ярим йилликда 858,6 миллион долларга ёки 3,7 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 24,2 миллиард долларни ташкил этган. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан 7 сентябрь куни ёйинланган ҳисоботда айтилган.
Қайд этилишича, шу кунда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,5 фоизни ташкил қилмоқда.
Давлат қарзининг 21,8 миллиард доллари ташқи қарз (ЯИМга нисбатан 34,7 фоиз), 2,4 миллиард доллари эса ички қарзга (ЯИМга нисбатан 3,8 фоиз) тўғри келади.
Йил бошидан бери қарз қолдиғининг ошиши, вазирликка кўра, Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ва давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар билан изоҳланади.
Бунинг натижасида Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 363,4 миллион долларга, давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 319,1 миллион долларга, давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи 250,8 миллион долларга ошган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси номидан 2 240,9 миллиард сўмлик давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиниши ҳамда 3 020 миллиард сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 779,1 миллиард сўмга камайган, давлат ташқи қарзи портфели таркибида 11,7 фоизни ташкил қилувчи валюта – Япония иенаси 2021 йилнинг январь-июнь ойларида АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланган.