Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳридаги халқаро мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик ёш курашчилар жамоаси зилзила марказидан олиб чиқиб кетилган ва пойтахт Анқарага етказилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Миллий олимпия қўмитаси эвакуация қилинган спортчилар сонига аниқлик киритган эмас.
“Ҳозирда барча ҳамюртларимизнинг саломатлиги яхши. Режага мувофиқ, улар даставвал Туркия пойтахтидан Истанбул шаҳрига йўл олишади ва у ердан Тошкентга қайтиб келишади”, дейилган МОҚ томонидан 7 февраль тонгида тарқатилган хабарномада.
Қўмитанинг душанба кунги хабарномасида велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Алания, байдарка ва каноэда эшкак эшувчилар эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришаётгани, зилзила бу ҳудудларга катта таъсир ўтказмагани учун машғулотлар режа асосида давом этаётгани ҳақида маълум қилинган эди.
Туркия жануби-шарқида 6 февраль куни рўй берган 7,8 магнитудали ва 7,6 магнитудали иккита кучли ер силкиниши натижасида, расмий маълумотларга кўра, қурбонлар сони 2 минг 921 нафарга етган, 15 минг 834 киши жароҳатланган, 7 минг 840 киши эса вайроналар остидан қутқариб олинган.
Фожиа ортидан Туркияда бир ҳафталик миллий мотам эълон қилинган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқотида зилзила оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этган. Маълумотларга кўра. 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва 100 кишилик қутқарувчилар гуруҳи жўнатилиши режаланган.