Россиялик қочқин рэпер Моргенштерннинг сўнгги клипи одатдагидек сўкиш билан бошланади.
Цензура ва Украинадаги уруш мусиқа бизнесини бўғиб қўяётган бир пайтда, унинг Ўзбекистонда суратга олинган “Қора рус” клипи россиялик мусиқачилар ва Марказий Осиё ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги намунасидир.
Москванинг Украинага тажовузи манзарасида россиялик юлдузлар билан ҳар қандай маданий алоқа Марказий Осиёда ҳам баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.
Аммо Моргенштерннинг интернетда 6 миллиондан ортиқ одам кўрган сўнгги видеоси маҳаллий истеъдодлар ва туризмга чанқоқ Ўзбекистонда диққатга сазовор жойлар учун яхши реклама бўлиши мумкин.
Моргенштерн – Алишер Валиев, Бошқирдистон Республикаси пойтахти Уфа шаҳрида туғилган, россиялик машҳур санъаткорлардан бири.
Лекин у ҳозир Россияда хуш кўрилмаяпти.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кремлнинг Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабани нишонлашдаги ортиқча ҳашаматини танқид қилганликда айблангани учун 2021 йил охирида Моргенштерн Москвадан қочди.
Бир йил ўтиб у Москванинг Украинага асоссиз босқинидан сўнг урушга қарши қўшиқ куйладию, унга эшиклар ёпилди.
2022 йил май ойида сиёсий фаолияти учун уни “хорижий агент” деб эълон қилишди.
Аммо у Ўзбекистон Фанлар Академиясига қарашли Совет даврида қурилган Қуёш физикаси институтида клип олди.
Моргенштерн сўнгги бир йил ичида бегона юртларга бориб қолган ягона рус санъаткори эмас.
21 ёшли Даня Милохин ҳам «Қора рус»да чиқади, клип охирида у Моргенштернга базукадан ўқ узгани тасвирланган.
Милохин Россияда кенг аудиторияга эга TikTok шоусининг бошқа иштирокчилари билан бирга Украина уруши бошланганидан кейин Россиядан кетган.
У Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотага ўрнашиб, у ерда қозоқ мактабида ўтган «Битирув» оқшоми ҳақида клип олди.
Ўтган ҳафта Милохин ижтимоий тармоқларда яқинда Москвага қайтганини кўрсатган фотосуратларни жойлаштирди.
Юлдузлар иштирокидаги кадрлар
Сиёсий жиҳатдан зиддиятли чиқишлар қилган Моргенштерн аввалроқ Иккинчи жаҳон уруши хотиралари ҳақидаги изоҳлари учун узр сўраган бўлса ҳам, кеч эди.
Тергов қўмитасининг қудратли раҳбари Александр Бастрикин ўз агентлиги аллақачон ишни тергов қилаётганини айтди ва қўшиқчи ижтимоий тармоқларда гиёҳвандликни тарғиб қилгани учун тергов қилиниши мумкинлигига ишора қилди. Бу таҳдид кейинчалик расмий айбловга айланди.
Бирлашган Араб Амирликларига ўрнашган Моргенштерн «Уй» номли видеосида Бастрикинга жавоб берган кўринади.
“Лаънати, бу ёлғон, мен ижтимоий тармоқларда сотадиган ягона нарса ўзимман, жин урсин”, деб куйлайди у клипда.
Бу клип YouTube’да 26 миллион марта кўрилди.
“Қора рус” клипида қозоғистонлик икки таниқли актёр Шарип Серик ва Женис Омаров ва Instagram’да ном қозонган, ҳозирда донер кабоб тармоғи юзига айланган комедиячи Жека Фатбелли суратга тушган.
Клипнинг бир жойида полиция формасини кийган Серик қўшиқчига беҳаё сўзлар айтиб, Моргенштернга калла қўйиб, катта муштлашувга сабаб бўлади.
Ўтиб кетаётган қозоқ Омаровни кўриб, Серик: “Эй, бақалоқ, сен ҳам шу ердамисан?” дейди.
Ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб обуначилари борлигини ҳисобга олсак, Омаров ва Серикнинг иштироки арзонга тушмаган.
"Қора рус" клипи учун қатнашчилар рўйхатидан бу клип Моргенштерннинг ҳозиргача энг қиммат клипларидан бири бўлган деб тахмин қилиш мумкин.
Тошкентда жойлашган Abstract Visuals студияси видеони яратишда ёрдам берди.
Бироқ, видеонинг ҳақиқий юлдузлари у тасвирга олинган жойлардир.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Моргенштерн қизиқ эмас"
Тошкент яқинидаги Қуёш физикаси институти 10 000 дан ортиқ майда ойналар билан ўралган қуёш тадқиқот маркази бўлиб, уни Atlas Obscure веб-сайти "илмий фантастик асарлардаги манзарага ўхшайди", деб таърифлайди.
Украинадаги урушга хоҳ тарафдор бўлсин, хоҳ қарши – россиялик қўшиқчиларнинг Марказий Осиё мамлакатларида концертлари бекор қилинмоқда ва Моргенштерн ҳам бундан мустасно эмас.
Унинг Россиянинг иттифоқчиси Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги концертда бўлиши жорий йил ёзида “Россияда Моргенштернга қарши жиноят иши қўзғатилгани учун” номақбул деб топилди, деди Қирғизистон маданият вазири Олтинбек Мақсутов.
Худди шу вақтда Қозоғистоннинг Қунаев курорт шаҳрида 60 ёшли эстрада хонандаси Григорий Лепснинг концерти ижрочининг урушни қўллаб-қувватловчи чиқишлари туфайли бекор қилинган эди.
Аксинча, тошкентлик блогер Никита Макаренкога кўра, Моргенштерннинг видеоси ҳозирча Ўзбекистонда умуман муҳокамага сабаб бўлмаган ва у ҳақида "Gazeta.uz" хусусий янгиликлар сайтидаги мақола "ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаган".
"Ҳеч қандай муносабат бўлмади. Блогерларнинг ҳеч бири ёзмади. Мен ҳам бетарафман. У ва унинг фаолияти мени қизиқтирмайди", деди Макаренко.