Ўтган тўрт кун ичида Москвадаги Внуково аэропортидан Тожикистоннинг 643 нафар фуқароси депортация қилинган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Тожикистондаги маҳаллий нашрлар маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
“Азия-Плюс” медиагуруҳининг Тожикистон ТИВдан олинган маълумотга таяниб қайд этишича, 26 апрелдан 30 апрелгача Внуково аэропортига учиб борган 3101 нафар тожикистонликдан 643 нафари тегишли шарт-шароитсиз бир неча куч ушлаб турилгани ортидан россиялик расмийлар томонидан юртига депортация қилинган. Бундан ташқари, яна 117 нафар тожикистонликни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган. Москвадаги бошқа аэропортларда ҳам вазият мураккаб экани айтилмоқда.
Аввалроқ Россия ТИВ 30 апрель куни ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан телефон мулоқоти бўлиб ўтгани ҳақида маълумот тарқатган. Хабарномага мувофиқ, Лавров Тожикистон ТИВ раҳбарига Россия чегараларида паспорт назоратидан ўтаётган хорижликлар тутиб қолинаётгани вақтинча экани ва бунда мамлакатга кириб келаётган кишиларнинг миллий мансубияти эътиборга олинмаётганини айтган.
“Интерфакс” агентлигининг урғулашича, хорижликларни мамлакатга киришда янада диққат билан текшириш “Россияда террорчиликни олдини олиш бўйича чоралар кучайтирилгани ортидан” бошланган.
Аввалроқ Тожикистон ТИВ томонидан ёйинланган баёнотда 27 апрель куни “Россия пойтахтидаги Внуково халқаро аэропортининг фуқароларни вақтинча сақлаш ҳудудида тегишли санитария шароитисиз 954 нафар тожикистонлик фуқаро” ушлаб турилгани, улар орасида Россияда ўқийдиган талабалар ҳам борлиги билдирилган. Внуково аэропортида қолиб кетган тожикистонликлардан 322 нафари бир неча соатлик текширувлардан кейин Россия ҳудудига қўйилган.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган.