Москва аэропортларида мингдан зиёд тожикистонлик тутиб турилибди

Москвадаги Внуково аэропорти (архив сурати)

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва аэропортларида Россияга қонуний йўллар билан киришга уринган мингдан зиёд тожикитсонлик ушлаб турилгани ҳақида маълум қилди. Улар тегишли санитария шарт-шароитисиз сақланаётгани ва иссиқ овқат билан таъминланмаётгани айтилмоқда, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Вазирлик маълумотига кўра, биргина Внуково аэропортининг вақтинча сақлаш ҳудудида 28 апрель тонгида Тожикистоннинг 954 нафар фуқароси бўлган, улар орасида Россия олий таълим муассасаларидан ўқийдиган талабалар ҳам бор. Кўп соатлик кутишдан сўнг улардан фақат 322 нафари чегара назоратидан ўтказилган. 306 кишини ватанига қайтариб юбориш режаланмоқда.

Бу каби чеклов чоралари фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда”, дея таъкидланган ТИВ баёнотида.

Россия расмийлари ҳолат юзасидан ҳали изоҳ бергани йўқ.

Аввалроқ Тожикистон ТИВ фуқароларига Россияга боришдан тийилиб туришни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса-да, қатор ҳуқуқбонлар тавсияга тожикистонликлар “Крокус Сити Холл” концерт залидаги терактдан сўнги Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан сиқувга олинаётгани сабаб бўлганини тахмин қилмоқдалар. Россия расмийлари терактни амалга оширганликда айнан шу мамлакат фуқароларини айблашмоқда. Бу орада айбланувчилардан камида бир киши қўлга олиниш чоғида ва сўроқ пайтида қийноққа солинган.