Москва жанубидаги Олмаота кўчаси 7- уй, 2-корпусда жойлашган хостелда юз берган ёнғинда 8 нафар меҳнат муҳожири ҳалок бўлди ва яна уч нафари жароҳатланди.
“Интерфакс” агентлигининг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таянган ҳолда хабар беришича, ҳалок бўлган меҳнат муҳожирлари шахсини ва қайси давлатлар фуқаролари бўлганини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Ёнғин 16 қаватли бинонинг 1-қаватида юз берган, бинонинг 150 квадрат метр майдони ёниб кул бўлган. 2019 йилнинг майида қуриб битказилган бу хостелнинг барча ойналари панжара билан тўсилган. Ўт ўчирувчилар бинодан 200 кишини эвакуация қилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Тергов қўмитаси жиноят иши очди. Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.