Москвада марказий осиëлик фаррошлар муштлашди

Москвада меҳнат муҳожирлари орасида содир бўлган оммавий муштлашув оқибатида бир киши халок бўлди, яна бир неча киши оғир жароҳат олди. 35 киши иштирокидаги жанжал асосан маст ҳолатда бўлган ўзбек ва тожик муҳожирлари орасида содир бўлгани айтилмоқда.

Москванинг Войковский туманидаги “Жилишчник” ишчилар ётоқхонасида 21 августга ўтар кечаси оммавий муштлашув содир бўлди.

Головинский шоссеси 12-уй манзили бўйича жойлашган бу ётоқхонада яшаётган “Жилишчник” давлат бюджет муассасасининг 35 нафарча мигрант ишчиси ўртасида жанжал юзага чиққан. Маст ҳолатда бўлган муҳожирларнинг ўзаро ҳақорати кўп ўтмай оммавий муштлашувга айланиб кетган.

Шимолий маъмурий округ полиция хизматининг Озодлик гаплашган расмийсига кўра¸ жанжалда асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари иштирок этган.

Ўзини таништирмаган полиция ходими оммавий тартибсизликнинг тунгги соат 12 ларда содир бўлгани ва натижада бир киши ўлдирилганини билдирди.

- Бу воқеа айнан “Жилишчник”да бўлган. Тергов билан Москва шаҳар тергов қўмитаси шуғулланмоқда. Қолган тафсилотлар учун уларга мурожаат қилинг, деди полиция ходимаси.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси расмийси тергов манфаати нуқтаи назаридан бу тафсилотлар очиқланмаслиги билдирди.

Озодликка норасмий манбалардан маълум бўлишича, 35 киши қатнашган муштлашувда икки одам оғир жароҳат олган. Ўзбекистонлик муҳожирлардан бирининг қўли ва бурни синган, бош суяги ёрилган, иккинчисининг эса бош чаноқ асоси ва умуртқасига жиддий шикаст етказилган. Якшанба куни эрталаб жабрланган ишчилардан бири шифохонада вафот этган.

Полиция муштлашувда иштирок этганларни ҳибсга олган, уларнинг кўпчилиги маъмурий жавобгарликка тортилган¸ оғир тан жароҳати етказган икки нафар 31 ёшли муҳожир эса ҳибсга олинган. Муштлашган муҳожирларнинг аксари Шимолий округда фаррош ва қоровуллик қилиб келган.

Ҳозирча Москва шимолида содир бўлган оммавий муштлашувда ўлдирилган ва жароҳат олганлар шахси¸ қолаверса муштлашув сабабларига оид бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида оммавий ёқалашишлар вақти-вақти билан содир бўлиб туради.

Россия пойтахтининг Хованское қабристонидаги оммавий жанжалдан кейин айрим рус сиёсатчилари айнан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига нисбатан виза режими жорий этиш ташаббуси билан чиққан эди.

10 июль куни Новосибирскдаги Хилокский бозорида товар бўлиша олмаган ишчилар муштлашган эди.

Шунингдек, Ленинград вилояти Всеволожск туманидаги Кудрово қишлоғида юзга яқин муҳожир ва кавказликлар ўртасида содир бўлган оммавий муштлашув натижасида 17 киши полиция бўлимига олиб кетилган эди.