Москва вилоятининг Солнечногорск шаҳарчаси Прибрежная кўчасидаги меҳнат мигрантлари яшайдиган ётоқхонада 13 ноябрь куни содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган 4 киши Ўзбекистон фуқароси экани тасдиқланди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 14 ноябрь куни хабар беришича, ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланди. Улар 52 ёшли Ш.А., 23 ёшли Э.У., 34 ёшли Ш.К., ва 23 ёшли А.Р., экани маълум қилинди.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик мигрантлардан яна икки нафари ёнғинда жароҳатланган. Ташқи миграция агентлиги уларнинг саломатлиги тўғрисида маълумот бермади.
“Ушбу ҳолат нозоратга олинган ва вафот этган юртдошларимиз жасадларини Ватанга қайтариш чоралари кўрилмоқда”,-дейилади расмий хабарда.
Ўтган йилнинг январида Томск вилоятида юз берган ёнғинда ўзбекистонлик 12 киши ёниб кетганди. Москва вилоятининг Раменск туманида 2020 йил майида юз берган ёнғинда ҳам 6 ўзбекистонлик ҳалок бўлган.