Москвада меҳнат муҳожирлари ўртасида содир этилган муштлашувда иштирок этганликда гумонланган 41 тожикистонлик ва 85 ўзбекистонлик ҳибсга олинди. Уларнинг 20 нафарига нисбатан депортация қилиш чораси қўлланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 6 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расман маълум қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси элчихона билан биргаликда ўтказган дастлабки ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, 1 апрель куни Москвадаги бир корхонада ишловчи икки ходим ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида муштлашув юз берган. Бу муштлашувга бошқа ишчилар ҳам аралашиб кетган.
“Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси Элчихона билан биргаликда ваколатли ташкилотлар орқали мазкур масалани ижобий ҳал этиш чораларини кўрмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Москвадаги “Сердсе столици” турар жой мажмуаси қурилиши ҳудудида мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир этилгани ва воқеа жойига етиб келган полиция 125 кишини қўлга олгани хабар қилинганди.
Москвада мигрантлар ўртасида “ўзаро келишмовчилик оқибатида” оммавий муштлашувлар содир этилиши тез-тез кузатилади. Жумладан, бундай катта муштлашув тўғрисида сўнгги маротаба жорий йилнинг 3 январида хабар берилганди.
Россия пойтахтининг Текстилшчики туманида янги йилга ўтар кечаси ўзбекистонлик ва қирғизистонлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган. Ўшанда “Интерфакс” агентлиги оммавий муштлашув чоғида уч киши пичоқлангани, улардан икки нафари ўзбекистонлик, бири эса қирғизистонлик эканини маълум қилган.