Москва шаҳри ва вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари мажбуран эмланади

Мужчина во время заполнения информированного согласия на вакцинацию в прививочном пункте в торговом центре "Арена Плаза",

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш кескин кўпайиши манзарасида Москва шаҳри ва вилоятида хизмат кўрсатиш, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳалари ходимларининг 60 фоизи, шунингдек давлат мулозимлари мажбурий эмланиши ҳақида эълон қилинди.

Иш берувчиларга вакцинанинг 15 июлгача биринчи, 15 августга қадар иккинчи компоненти билан эмланишни ташкил қилиш вазифаси юклатилган.

Москва мэри Сергей Собянин шаҳардаги COVID-19 билан боғлиқ вазиятни “драматик” деб атаган. “Москва касалхоналарида коронавирусга чалинган 12 мингдан зиёд бемор ётибди. Касалланиш даражасига кўра Москва аллақачон ўтган йилги авж нуқтага тенглашди. Вирусдан ҳимояланиш чораси бу вакцинациядир”, деб ёзган у ўз блогида.

Коронавирус беморлари даволанадиган Коммунаркадаги шифохона бош врачи Денис Проценко пандемиядан фақат аҳолини мажбурий эмлаш йўли билангина чиқиш мумкинлигини айтган. У ўзи раҳбарлик қиладиган муассасада айни пайтда сунъий нафас бериш аппаратига уланган 407 бемор борлиги ва бу ҳар қачонгидан ҳам кўп эканини қўшимча қилган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков мажбурий эмлашни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилиш ҳозирча режаланмаганини маълум қилган. Бу масала ҳар бир минтақадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилинади.

26 май куни Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши ёппасига мажбурий эмлов жорий қилиш мумкин эмаслигини билдирганди.

Россиянинг кўплаб ҳудудларида сўнгги икки ҳафтада касалланиш даражаси кескин ошиб, маҳаллий маъмурлар ковидга қарши чекловларни жорий этишган.

Мамлакат аҳолини эмлаш суръати бўйича Европадан тахминан тўрт баравар орқада қолган: аҳолининг атиги ўндан бир қисмигина препаратнинг бор-йўғи бир дозасини олган.

Охирги суткада Россияда коронавирус инфекцияси асоратларидан 396 киши ўлган, шундан 75 нафари Москва шаҳри ҳиссасига тўғри келади.