Москвадаги туман судларидан бири 9 сентябрь куни Google ширкатининг 21,7 миллиард рубль (352 миллион доллар) миқдоридаги жарима юзасидан апелляция тартибида берилган шикоят аризасини қаноатлантирмади. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлигига Таган туман суди матбуот котиби Зулфия Гуринчук маълум қилган.
Мазкур жарима ширкатга июль ойида YouTube видеопорталидаги Россиянинг Украинадаги урушини ёритувчи роликларни ўчириб ташламагани учун тайинланган – россиялик расмийлар ўша роликларни тақиқланган контент, деб топишган.
“Роскомнадзор” ташкилоти Google ширкатини расмийлар талабини бажармаганликда айблаб, июнь ойида судга мурожаат қилган эди.
Россия қўшинлари Украинага бостириб киргани 24 февралдан бир неча кун ўтгач, “Роскомнадзор” мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситаларига Украина уруши ҳақида фақат расмий манбалардан олинган маълумотга таянган хабар қилишни буюрган эди.
Регулятор ўшанда Украинага ҳужумни “босқинчилик” ёки “уруш” дея таърифлашни тақиқлаган, бунинг ўрнига “махсус ҳарбий амалиёт” бирикмасини қўллашни талаб қилган эди.