Москва вакиллари таҳдидига қарамай, Ўзбекистон АҚШ билан фаол сиёсий мулоқотни давом эттиришга ҳозир

Ўзбекистон билан АҚШ фаол ва конструктив сиёсий мулоқотни давом эттиришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқовнинг АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник билан 29 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувида қайд этилган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Америка стратегик шериклик муносабатларинининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилган. Режалаштирилган тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва АҚШ Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши билан боғлиқ ташкилий ва мазмунли жиҳатлар муҳокама қилинган.

Шунингдек, мулоқот чоғида савдо, инвестиция, инновация, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар қараб чиқилган.

Элчи Ҳеник АҚШ маъмуриятининг Ўзбекистонга молиявий-техник кўмак бериш ва пандемияга қарши курашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлаган.

Дипломатлар учрашувида минтақавий ҳамкорлик масалаларига, хусусан, "C5+1" мулоқот формати доирасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилган ҳамда Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.

Аввалроқ Россия Давлат думаси матбуот хизмати спикер Вячеслав Володин ўзбекистонликларни АҚШ билан ҳамкорлик оқибатларидан огоҳлантиргани ҳақида маълумот тарқатган эди.