Россиянинг Москва вилоятида 12 июль куни Sukhoi Superjet 100 йўловчи учоғи авиаҳалокатга учради. Учоқ бортида йўловчилар бўлмаган, фақат экипажнинг уч аъзоси бўлган, холос. Хабарларга кўра, уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлган.
ТАСС агентлиги қайдича, учоқ режадаги таъмирлаш ишларидан кейинги парвозни амалга ошириш чоғида қулаб тушган. У Внуководаги авиация заводидан осмонга кўтарилган. Baza нашри қулашдан олдинроқ фалокат сигналини бера бошлаган ва учоқ аварияли қўниш олдидан ёнилғини сарфлаб битириш учун айлана бўйлаб уча бошлаган. Учинчи айланишда учоқ қулаб тушган.
Қулаб тушган Sukhoi Superjet 100 учоғи 2014 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, “Газпром Авиа” ширкатига тегишли бўлган. “Агентство. Новости” хабарига кўра, қулаган учоқда сўнгги икки йил ичида камида икки марта носозлик кузатилган.
Москва вилоятининг Апраксино қишлоғи яқинидаги учоқ қулаган жойга Коломно шаҳри раҳбари Александр Гречишчев борган. Мулозимга кўра, учоқ қулаган жой ўраб олинган. Учоқ ўрмонга қулаган, авиаҳалокат натижасида туман аҳолиси орасида жабрланганлар йўқ.
Авиаҳалокат ҳодисаси юзасидан ҳаво транспорти ҳаракат хавфсизлиги ва эксплуатацияси қоидаларининг бузилишига оид моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов билан Росавиация мутахассислари иштирокида Давлатлараро авиация қўмитаси (ДАҚ) шуғулланади.