Россиянинг Москва вилоятидаги Красногорск шаҳрида жойлашган “Крокус Сити Холл” концерт залида жума оқшомида “Пикник” рок гуруҳи концерти олдидан отишма чиққан. РИА-Новости хабарига кўра, камида уч нафар камуфляжли киши одамларни ўққа тутган. Бинода портлаш бўлгани ва ёнғин чиққани ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Кейинроқ "Интерфакс" агентлиги тезкор хизматлар маълумотига таянган ҳолда концерт залида иккинчи портлаш содир бўлгани ҳақида хабар қилди. Тезкор хизматлар қайдича, бино томининг бир қисми қулаган.
Ҳужум оқибатида ўнлаб одам ўлгани ва яралангани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар келмоқда. Москва мэри Сергей Собянин ўз телеграм-канали орқали “ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдириши” ҳақида ёзди.
Тезкор воқеаларни ёритишга ихтисослашган "112" телеграм-канали ўз манбаларига таянган ҳолда “Крокус Сити Холл”да 40 киши ҳалок бўлгани, 100 нафардан зиёд одам тан жароҳати олгани ҳақида хабар қилди. Манбалар қурбонлар сони янада ошиши мумкинлигини айтишган. Шунингдек, аланга йўлини тўсиб қўйган ўнлаб одам ичкаридан чиқолмаётгани хабар қилинган.
Ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеода автомат овозларини эшитиш мумкин.
Shot телеграм-канали манбаси одамларни ўққа тутганлар беш киши бўлганини айтган.
ТАСС агентлиги тезкор хизматлардан олинган маълумотга таянган ҳолда, номаълум шахслар томонидан уюштирилган ҳужум ортидан одамларни эвакуация қилиш бошланганини хабар қилди. Агентлик мухбири концерт зали томи тўлалигича аланга ичида қолгани, ичкарида одамлар борлигини қайд этган.
Baza нашри маълумотига кўра, бинода яна 100 чоғли одам бўлиши мумкин. Ҳодиса чоғида камида 12 киши ўлган, камида 35 киши жароҳатланган. Ҳужумчилар ҳақида аниқ маълумот ҳозирча йўқ. Гувоҳларнинг айримлари ҳужумчилар бир неча киши бўлгани, улар одамларни автоматдан ўққа тутиб, бино ичида портлаш уюштиришганини айтишган.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев отишма содир бўлиб, ёнғин чиққан жойга отланганини маълум қилган. Мулозимга кўра, ҳодиса ортидан тезкор штаб тузилган. Ка-32 русумли икки вертолёт воқеа жойига учиб кетган, дея хабар қилди “Москва” агентлиги.
Москва вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун “Крокус Сити Холл”га 50 дан зиёд “тез ёрдам” бригадаси йўналтирилган.
Бу орада Москвада айни дамда уяли алоқа ёмон ишлаётгани - Tele2, Мегафон, Билайн ва МТС операторлари ишида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.