Москва вилоятидаги мигрантлар яшаган уйда чиққан ёнғинда 8 киши нобуд бўлди

Истра шаҳридаги ёнғин содир бўлган уй

Россиянинг Москва вилояти Истра шаҳрида жойлашган хусусий уйда 23 май тонгида чиққан ёнғин оқибатида саккиз, Россия ФВВ маълумотига кўра, киши нобуд бўлган. Қайд этилишича, мазкур уйда мигрантлар учун ҳостел ташкил қилинган эди.

“РИА Новости” агентлигининг тезкор хизматларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, ёнғинга каминдан сачраган ўт сабаб бўлган бўлиши мумкин,

Shot телеграм-канали маълумотига кўра, ҳодиса чоғида одамлар тириклайин ёниб кетган, иккинчи қаватдан сакраган бир аёл эса жароҳат олган. У бош мия чайқалиши, ёпиқ бош мия жароҳати, елка суягининг синиши ва ёнган жисмлардан ажраган дуддан заҳарланиш каби ташхислар билан касалхонага ётқизилган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахс ўлимига сабаб бўлганлик) бўйича жиноят иши қўзғатган.

23 ёшли йигит томонидан ижарага олинган хусусий уй Россия ҳудудида қайддан ўтмаган хорижлик фуқароларга ижарага бериб келинган, дея маълум қилган Москва вилояти прокуратураси. Маҳаллий телеграм-каналлар уйни ижарага олган йигит ўзбекистонлик экани ҳақида ёзишмоқда. Прокуратура ноқонуний миграция ташкил этиш (РФ ЖКнинг 322.1-моддаси 2-қисми “а” банди) бўйича жиноят иши очган.

Ёнғин чоғида қурбон бўлганларнинг қайси мамлакат фуқаролари бўлгани расман очиқланган эмас, бироқ уларнинг ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлгани ҳақида тахминлар айтилмоқда. Shot телеграм-канали манбалари ёнғинда қурбон бўлганлар куйиб кетган уйдан тақрибан 10 километр нарида жойлашган OZON омборхонаси ходимлари бўлганларини айтишган.