Москва вилоятида полиция ўзаро муштлашган ва ўқотар қурол қўллаган тўрт кишини қўлга олиб, ички ишлар бўлимига келтирган. Бу ҳақда Россия ИИВнинг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот котиби Татьяна Петрова маълум қилган.
18 июлга ўтар кечаси Москва вилоятининг Апрелевка шаҳарчасида 20 га яқин муҳожир муштлашган, можарода ўқотар қурол ишга солинган.
“Апрелевкадаги тамаддихоналардан бири яқинида муштлашув чиқиб, ўқотар қурол ишлатилгани ҳақида хабар олдик. Полиция жанжал иштирокчиларидан тўрт нафарини аниқлаб, бўлимга келтирди. Улардан бирининг ёнидан травматик тўппонча топилиб, олиб қўйилди. Дастлабки тахминга кўра, ўқ ушбу қуролдан узилган”, деган Татьяна Петрова ТАСС агентлигига.
Ҳолат юзасидан РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси (“безорилик”) бўйича жиноят иши очилган. Полиция жанжалнинг бошқа иштирокчиларини қидирмоқда.
Аниқланишича, муштлашув Марказий Осиёдан борган мигрантлар ўртасида юз берган. Аммо агентлик манбаси уларнинг айнан қайси мамлакат фуқароси эканига аниқлик киритган эмас.
Татьяна Петровага кўра, муштлашув иштирокчилари таёқ, шиша идиш ва ўқотар қуролни ишга солишган. Можаро оқибатида ўша атрофда турган бир неча енгил автомобилга шикаст етган. Маҳаллий аҳоли полицияни чақирган.